Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни аҳоли учун яратилаётган шароитлар, фуқаролар ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини ошириш йўлида қилинаётган ишлар билан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Сергели тумани ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманида бўлди.
Президентимиз дастлаб Зангиота туманида барпо этилаётган кўп тармоқли махсус шифохона қурилиши билан танишди.
Коронавирус пандемияси бутун дунёга тарқалиб, инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирмоқда. Мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар, халқимизнинг чуқур тушуниши ва сабр-тоқати билан бу офат жиловланиб, оммавий ёйилиб кетишининг олди олиняпти. Қисқа фурсатларда даволаш-профилактика муассасалари ва карантин зоналари қурилгани бунда муҳим омил бўлди.
Зангиота туманидаги махсус шифохона лойиҳасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектарда 2 та комплекс қурилмоқда. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган.
Хусусан, стационар жойларнинг ҳаммаси боксланган, ҳар бир хона автоном. Биридаги ҳаво бошқасига ўтмайди. Уларга кириб-чиқиш ҳам, хизмат кўрсатиш ҳам алоҳида. Касаллар келгач, қабул бўлимидан тамбур орқали тўғридан-тўғри ўз палатасига жойлаштирилади.
Барча корпуслар, бўлинмалар тоза ва нотоза йўлаклар билан ажратилган. Тоза йўлакдан фақат тиббий персонал ўз вазифасини бажариш учун фойдаланади. Шифокорлар ҳаракатланиш чоғида санитар ўтказгичлар орқали ўтади. Бу барчанинг – ташхиси ноаниқ бўлганлар, врачлар ва бошқа хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари касалхонада яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддилар билан суҳбатда ундан оқилона фойдаланиш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш муҳимлигини таъкидлади.
– Бундай замонавий шифохонани қуриш сермашаққат, ундан самарали фойдаланиш эса ундан ҳам қийин. Шунинг учун бу ерга врач эмас, ташкилотчи одам раҳбар бўлиши керак. Ходимларнинг маоши бонус тизимида бўлиши зарур. Натижа яхши бўлса, яхши даромад олишсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Муассаса 2 минг ўринга мўлжалланган. Лекин 4 минг ўрингача трансформация қилиш имконияти бор.
Давлатимиз раҳбари қабул бўлими, карантин зонаси, лаборатория ва муолажа хоналари, санитар-ювиниш жойларини синчиклаб кўздан кечирди.
Видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги шифокорлар билан мулоқот бўлди. Телемедицина бўйича комплекс тизим яратиш, туманлардан вилоят касалхоналарига, ундан республика марказларига боғланиш имкониятини йўлга қўйиш, шу билан бирга, тиббиёт ходимларини бу бўйича ўқитиб, тажриба алмашувни кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
72 ўринли реанимация бўлимида ҳар бир койка ўпканинг сунъий вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.
Жарроҳлик залларига ҳаво тепадан берилади ва ён томонлардан сўрилади. Натижада доимий стериллик таъминланади.
Президентимиз мазкур муассасада иш бошлайдиган тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди.
– Мана шундай янги шифо масканлари қуриб, хусусий тиббиётни ҳам ривожлантириб, рақобатли медицина яратяпмиз. Энди шунга муносиб замонавий врач ва ҳамширалар керак. Ўз устингизда тинимсиз ишлаб, жаҳондаги ютуқларни ўрганиб, халқимизга хизмат қилишингиз лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Лабораторияда вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган. Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90 та намунани аниқлаш имкониятига эга. Кўрпа-тўшак ва матолар ювилиб, бошқа буюмлар буғ ёрдамида дезинфекция қилинади.
Шу ерда вилоят ва республика тиббиёт муассасалари қамрови ҳамда ҳамкорлиги ҳақида тақдимот ўтказилди.
– Кўп шифохоналар, диагностика марказлари тарқоқ жойлашган. Ташхис қўйиш ва даволаш сифати талабга жавоб бермайди. Маблағ эса сарфланиб ётибди. Давлатнинг бир сўми ҳам халқимизга нима манфаат беряпти, деган савол ҳар бир ишда мезон бўлиши керак, – деди Президент.
Мазкур шифохона мураккаб эпидемиологик вазиятда юқумли касалликлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, барча санитария-эпидемологик талабларга жавоб берувчи махсус муассаса бўлиб хизмат қилади. Эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг келгусида кўп тармоқли тиббиёт клиникаси сифатида фаолият юритади.
Жумладан, бу ерда замонавий технологиялар ёрдамида масофавий тиббий кўриклар ва консилиумлар ташкил этилиб, олий ва ўрта махсус тиббий таълим муассасаларининг талаба-ўқувчиларига малака ошириш учун махсус клиник база сифатида хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Сергели туманида барпо этилган 16 қаватли уйни бориб кўрди.
Ташқи кўриниши билан ажралиб турган бу иморат замонавий стандартлар асосида зилзилага бардошли қилиб қурилди. Деворларида энергия тежовчи материаллардан фойдаланилган. Интернет тармоғи, видеокузатув ва ёнғин хавфсизлиги ускуналари билан жиҳозланди. Уй 2-3 хонали 80 та хонадондан иборат бўлиб, кам таъминланган ва муҳтож оилаларга топширилган.
Президентимиз шу уйдаги Шарофиддин ва Шаҳноза Жўрабоевлар хонадонида бўлиб, улар билан суҳбатлашди.
Бу оила 14 йилдан бери ижарада яшаб келаётган эди.
Охирги уч йилда Сергели туманида жами 19 минг 522 хонадонли 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. 26 та намунавий типдаги маҳалла гузарлари бунёд этилди. Болалар боғчалари, мактаблар, поликлиника ва бошқа объектлар қурилиб, аҳолига муносиб шароит яратиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Бугун илғор халқаро тажриба ва амалиёт ҳар соҳада керак. Айниқса, бу таълим тизимида сув ва ҳаводек зарур. Чунки сифат – энг устувор мезон. Ёш авлод камолотида эса асло бепарволикка йўл қўйиб бўлмайди.
Президентимиз раҳбарлигида халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, тизимдаги муаммо ва камчиликларни тезкор бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқишга доир ислоҳотлар айни шундай эҳтиёж маҳсули.
Қолаверса, янги турдаги умумтаълим муассасаларини барпо этиш ва муқаддам қурилган биноларни босқичма-босқич замон талабларига мослаштириш, ўқув-тарбия жараёнида илғор педагогик технологияларни қўллаш – давр талаби.
Яқинда Сергели туманининг 5А мавзесида фойдаланишга топширилган 329-умумий ўрта таълим мактаби айни шундай мезонлар асосида барпо этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу таълим масканини ҳам бориб кўрди.
Маълумки, мазкур туманда кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилиб, аҳоли сони ошиб бормоқда. 2019 йилда бу ерда тўртта янги мактаб барпо этиш ишлари бошланган эди. Ҳозирги кунда уларнинг иккитаси қуриб битказилди. Янги ўқув даргоҳлари тумандаги болалар ва ўсмирлар ҳамда ота-оналар учун муносиб совға бўлди.
Бугунгача энг катта мактаблар 700 ўринли бўларди. 329-умумий ўрта таълим маскани 1680 ўқувчига мўлжалланган. Унга асос солишда 2019 йилда ташкил этилган Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланилган.
Тўрт қаватли мактабда 48 та ўқув хонаси мавжуд. Шундан 20 таси фан кабинети, 14 таси бошланғич синф хонаси ва яна 14 таси хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган. Лаборатория ва тўгарак хоналари, электрон кутубхона, тиббиёт пункти, ошхона, фаоллар зали, спорт майдонларида замонавий шароитлар яратилган.
Аҳамиятлиси, бу ерда болаларни ҳозирданоқ аниқ касбларга йўналтириш, ҳунарларга меҳр уйғотиш мақсадларида махсус хоналар ташкил этилган, улар керакли жиҳозлар, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, мато ва материаллар билан таъминланган.
Таълим сифатини ошириш мақсадида мактабга директор танлов асосида, ўқитувчилар эса тест синовлари натижасида ишга қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбари мактаб дарсликлари савияси талабга мутлақо жавоб бермаслиги, ўқув дастурларини илғор хорижий билимлар асосида такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Болаларга сифатли таълим бериш, шу билан бирга, 7-синфдан бошлаб касбга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берди.
– Ўғил-қизлар ҳунар ўрганса, ўзига ишончи ортади, дунёқараши ҳам ўсади, ота-онасининг ҳам кўнгли тўқ бўлади. Кейинчалик ижтимоий муаммоларни бартараф этишга маблағ сарфламаслик учун бугун шу маблағни мактабларга беришимиз керак. Болаларимизни ватанпарвар, жамиятга керакли инсон қилиб тарбияламасак, келажакка хиёнат қилган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан мактаб дастурига шахмат сабоқлари киритилган эди. Мусиқа хонаси билан танишувда яна бир шундай таклиф билдирилди.
– Ҳар бир ўғил-қиз ҳеч бўлмаса битта чолғу асбобини чалишни билишини истардим, – деди давлатимиз раҳбари.
2019 йил 23 августда ўтказилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарурлигини таъкидлаган эди. Сўнгги уч йилда мамлакатимизда 160 дан ортиқ умумтаълим маскани қурилди, ўнлаб ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Буларнинг барчаси таълим сифатини кўтаришга, педагогларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябрда беш йил давомида Сергели туманида 500 та кўп қаватли уй қурилишини айтганида кўпчилик ҳайрон бўлган эди. Давлатимиз раҳбари 2018 йил декабрда бу борадаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирганди.
Бугун бу ерда катта, замонавий мавзе пайдо бўлди. Охирги 3 йилда туманда 19 минг 522 хонадонли 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
26 та намунавий типдаги маҳалла гузарлари барпо этилди. Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошган.
Президент Шавкат Мирзиёев шунча одамнинг фаровонлигини таъминлаш, бошқарувни самарали ташкил этиш мақсадида ушбу ҳудудда Тошкент шаҳар ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган алоҳида “Янги ҳаёт” кичик туманини ташкил этиш таклифини билдирди.
Пойтахт аҳолисига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини воситачиларсиз, арзон нархда етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Биринчи босқичда деҳқон бозорларида 256 та махсус раста ташкил этилди. Иккинчи босқичга мувофиқ, шаҳар бўйлаб 514 маҳаллада 2316 та кўчма савдо ярмаркаси ҳамда 634 турғун савдо дўкони ташкил этилди.
Сергели туманига Қашқадарё вилояти бириктирилиб, вилоят фермерлари ўз маҳсулотини олиб келиб сотадиган савдо жойи очилди.
Давлатимиз раҳбари Ташаббус маҳалласи ҳудудидаги ана шундай савдо шохобчасини кўздан кечирди.
– Фермерларнинг маҳсулот олиб келишига ёрдам бериб, эмин-эркин сотишига шароит яратилса, Тошкентда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини 15-20 фоиз тушириш мумкин. Маҳсулотлар арзон ва сифатлилиги халқимизга, доимий мижозлар борлиги деҳқонларга ҳам қулай бўлади. Энди бошқа туманларга ҳам муайян вилоятларни бириктириб, маҳаллаларда шундай ихчам, совутгичли шохобчаларни ташкил этиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Сергели-5А мавзесидаги “MADENA СOLLECTION” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу тикувчилик корхонасида тиббиёт ходимлари учун йилига 150 минг дона махсус кийимлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада шу атрофда яшовчи 100 нафар хотин-қиз ишли бўлди.
Президент ишчи аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг оилавий ва меҳнат шароитлари билан қизиқди.
Давлатимиз раҳбари Сергели туманида барпо этилган экопаркни бориб кўрди.
Ўтган йил 21 майда Учтепа туманига ташриф чоғида Тошкент шаҳри туманларида истироҳат боғлари ташкил этиб, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш бўйича топшириқ берилган эди.
Шунга мувофиқ, Сергели туманида умумий майдони 10 гектар бўлган «Flowers Garden Park» ташкил этилди. Шундан 5 гектари боғ, 5 гектари гул сотиш марказидир. Боққа йирик гулли магнолия, фотиния фразери, қора сосна, игна баргли арча, “Кримсон кинг” чинори каби 30 турдаги 6 мингдан зиёд манзарали дарахт ва 20 турдаги 60 мингдан зиёд бута олиб келиб экилган. Аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун ресторан, савдо шохобчалари ташкил этилган.
Туркиянинг “Natural Peyzaj” ширкати билан ҳамкорликда бунёд этилган боғда 200 та иш ўрни яратилган. Малакали агроном ва энтомологлар жалб этилган.
Давлатимиз раҳбари боғда яратилган шароитлар билан танишди, манзарали дарахтлар ва гул дўконларини кўздан кечирди.
Янги экопаркда Сергели тумани мутасаддилари, аҳоли вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
– Бугун бу ерга келишимдан мақсад – коронавирус пандемияси туфайли юзага келган ҳозирги мураккаб вазиятда халқимизни нималар ўйлантираётгани, одамлар ҳаётини яхшилаш учун яна нималар қилиш кераклигини биргаликда фикрлашиб олиш, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Сергели тумани учун шакллантирилган инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Жумладан, жорий йилда умумий қиймати 1,8 триллион сўмлик 61 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 5 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, 22 та лойиҳа бўйича 83 миллион доллар миқдорида ҳорижий сармоялар ўзлаштирилади.
Мисол учун, Тошкент қувур заводида жорий йилда хитойлик ҳамкорлар билан бирга 85 миллион доллар инвестиция эвазига йилига 500 минг тонна металл лист ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади.
Чирчиқ дарёсининг Бектемир ва Сергели туманларидан оқиб ўтувчи 16 километрлик қисмидаги ўзанларни 65-80 метргача қисқартириш орқали қўшимча 565 гектар бўш ер захираси пайдо бўлади. Бу ерда янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш орқали қўшимча 160 минг янги иш ўрни яратиш мумкин. Мутасаддиларга бу масалани атрофлича ҳисоб-китоб қилиб, уларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Президентимиз кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали бандликни ошириш, камбағалликни қисқартириш зарурлигини таъкидлади.
Транспорт ва коммунал хўжалик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан қиймати 83 миллион доллар бўлган, 7 километр узунликдаги Сергели ер усти метроси қурилмоқда. Уни жорий йил сентябрь ойида фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилди.
Оқова сув ва иситиш тармоқларини яхшилаш, марказий иссиқлик тизимини ёпиқ тизимга ўтказиш орқали модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |