Наманган вилоятининг Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон туманларидаги чекка ва олис ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташаббуси билан оммавий сайёр қабуллар ўтказилди.
Уч кун давом этган қабулларда Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Алишер Усмонов бошчилигида 20 дан зиёд вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, секторлар, шунингдек ҳудудий ташкилот, бошқарма ва муассасалар раҳбарлари, вилоят ва туманлар ҳокимлари икки мингга яқин фуқаронинг мурожаатларини кўриб чиқди.
Халқ билан мулоқотнинг узвийлигини таъминлаш, одамларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, мавжуд муаммо ва масалаларга ечим топиш, инсон манфаатларига қаратилган сайёр қабул мобайнида суд-ҳуқуқ органлари фаолияти, соғлиқни сақлаш, бандлик, маҳалла ва оила, таълим, коммунал хизматлар ва уй-жой, автомобил йўллари, банк соҳасига оид масалаларга мутасаддилар томонидан ечим изланди.
Прездиент Администрацияси, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Наманган вилояти ҳокимлиги, Марказий банк, кадастр агентлиги саъй-ҳаракати билан 719 та муаммо жойида ҳал этилди. 448 мурожаат эгаларига ҳуқуқий маслаҳат, 177 кишига зарур тушунчалар берилди. Ўрганиш талаб этадиган 581 муаммо вилоят ва Республика даражасида алоҳида назоратга олинди.
Эътироф этиш даркор, кейинги тўрт йил ичида мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг самарали механизми яратилди. Давлатимиз раҳбарининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди, вилоят, шаҳар ва туманларда Президент Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Бу аҳоли турмушини яхшилаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, савдо ва хизмат соҳаси, тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган турли муаммоларга чек қўйиш имконини бермоқда.
Наманган тажрибаси сифатида илк бор ташкил этилган кенг кўламдаги оммавий сайёр қабуллар ҳам халқ ичига кириб бориш, одамларнинг ташвиш ва муаммоларини чуқур ўрганиш ва тегишли идора ҳамда ташкилотлар билан биргаликда ҳал этишда самарали тизим сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, одамлар кўпроқ ишсизлик, турар-жой ва ер участкасини олиш, бизнес юритиш ҳамда коммунал хизматлар таъминоти ва ҳудуддаги инфратузилма масалаларида кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда.
Чуст шаҳридаги “Бибиона” зиёратгоҳида бошланган оммавий қабуллардаги илк мурожаат 72 ёшли меҳнат фахрийси Холдоржон Жўраевдан тингланди. Нуроний учта муҳим масалани ўртага ташлади. Биринчидан, у истиқомат қилаётган Зарафшон маҳалласига тоза ичимлик суви тортилмаган. 760 та хўжаликдаги 4145 фуқаро ариқдаги сувдан ичиб келмоқда. Қолаверса, ҳудуд табиий газ тармоғидан узиб қўйилганига 12 йилдан ошган.
Хонадонлардаги баллонларни суюлтирилган газ билан таъминлаш узвийлиги ва муддатида кейинги пайтда бир қатор муаммолар юзага келган. Автомобилларга газ қуйиш шахобчаларида бир куб газ қиммат нархда – 2600 сўмгача сотилмоқда. Бошқа ҳудудлардаги шахобчаларга нисбатан 500 сўм фарқ қилаётгани эса тегишли мутасаддилар томонидан зарур чоралар кўрилиши керак бўлган ташвишли ҳолат. Мурожаатда келтирилган масалаларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
– Маҳалламиздаги ички йўлнинг ўйдим-чуқур, ёзда чанг, қишда лой аҳволидан зада бўлганмиз, – дейди Чуст шаҳридаги Маърифат кўчасида яшовчи Мирсаъди ота Жалилов. – Айниқса, болаларимизга қийин, ёмғир ёққан куни лой кечиб мактабга бориш муаммога айланади. Бу масалада тегишли идоралар эшигини бир неча бор тақиллатишга тўғри келган, бироқ бундан ҳеч қандай наф тегмаган. Ниҳоят сайёр қабулда дардимизни эшитишди. Йўлсозлар ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йўлимизни таъмирлаб беришга ваъда берди.
“Кўмиртаъминот” масъулияти чекланган жамияти вакиллари 52 кишининг ёқилғи билан боғлиқ мурожаатини тинглади. Натижада, жамиятнинг Наманган вилояти бўлими томонидан 142 тонна кўмир етказиб берилди. Шунингдек, Чуст туманидаги 12 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси 150 тонна маҳаллий арзонлаштирилган кўмир махсулоти билан таъминланди. Бундан ташқари, меҳнат фахрийларига 8 тонна, Чортоқ туманида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилаларга 15 тонна ёқилғи бепул етказилди.
– Наманганга қуруқ қўл билан келганимиз йўқ. Икки кун ичида вилоятга 98 вагон кўмир ортдик. 33 вагони етиб келди. Қолгани ҳам тез кунларда келтирилади. Бу билан кўмир таъминотида узилиш бўлмаслигига кафолат яратилади, – дейди жамият раҳбари Арслон Қаюмов.
Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Элмира Боситхонова фуқаролар мурожаатларига пешвоз чиқди. Ҳар бир фуқарони эшитиш жараёнида суҳбат мавзуи оилада тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзига, айниқса тўғри овқатланиш қоидаларига риоя этиш ҳақида бўлди. Асосан пойтахт ва вилоят марказидаги шифохоналарда даволаниш учун йўлланма олиш масаласидаги 12 та мурожаат ижобий ҳал этилган бўлса, ногиронлик аравачасига муҳтож тўрт нафар мурожаатчининг эҳтиёжи ҳам қондирилди. Икки кишига сиҳатгоҳларга йўлланма, яна шунча одамга ҳасса, тўрт кишига эшитиш мосламаси берилди. Чортоқ тумани Балиқликўл маҳалласида Республика ва вилоят тиббиёт марказларининг етакчи шифокор-мутахассислари иштирокида ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида 200 нафардан зиёд фуқаро тиббий теширувдан ўтди.
– 68 ёшдаман. Кексайган чоғимда қулоғимда муаммолар юзага келди. Яхши эшитолмай қолдим. Сайёр қабул ўтказилаётганидан хабар топиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятига дардимни айтдим. Мурожаатимни тинглаган вазир ўринбосари шу жойнинг ўзида эшитиш мосламасини топширишини очиғи кутмагандим. Илтимосим, зудлик билан ҳал этилганидан бағоят хурсанд бўлдим, – дейди Наманган шаҳридаги Бўстон маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Абдувоҳид Ҳакимов.
Ўзбекистон Давлат консерваторияси талабаси Нодир Мақсудова сайёр қабулдаги мурожаатини узоқ вақтгача ёдида сақлаб юрса ажаб эмас. Негаки, унинг олий таълим муассасасидаги 16 миллион 443 минг сўм миқдоридаги тўлов-контракт пули Маданият вазирлиги томонидан ижобий ҳал этиладиган бўлди. Нодира ёлғиз бошида бола парвариши билан биргаликда, Чуст туманидаги 15-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқитувчи бўлиб фаолият юритади.
Оммавий қабул одамларнинг сиёсий ва ижтимоий қарашлари ўзгариб бораётганлиги, чунончи, кўпчилик шахсий муаммолар билан ўралашиб қолмай жамият, кўпчилик манфаатини кўзлаган масалаларни ўртага ташлаётгани, тараққиётга хизмат қилувчи таклиф ва мулоҳазаларни кўтариб чиқаётганлигини кўрсатмоқда.
Масалан, Наманган тумани фуқароси Бекзод Абдусаматов ўзи яшаётган Қумқўрғон қишлоғида интернет алоқаси яхши эмаслиги, бу айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин кунларида мактаб ўқувчилари учун онлайн дарсларни ташкил этишда муайян қийинчиликлар келтириб чиқарганини айтиб, муаммо ечимида ёрдам сўради. Масала ечими “Ўзтелеком”нинг туман филиалига топширилди. Яқин вақт ичида қишлоқ телефон станцияси туман марказидан тортилган оптик алоқа тармоғига уланади ва хонадонларга сифатли интернет хизмати кириб боради.
Тўрақўрғон тумани Еттикон маҳалласида яшовчи Раънохон Ибрагимова туманда ижтимоий дорихона ташкил этиш зарурати юзасидан мурожаат қилди. Мазкур масалани ижобий ҳал этиш юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига аниқ топшириқ юклатилди.
Сайёр қабулда тадбиркорлик истагидаги фуқароларнинг кўплаб масала ва муаммолари жойида ҳал этилди. Наманган туманининг Ибрат маҳалласидан Музаффар Мўминов мебелсозликка асосланган тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилган. Ишни юритиш учун эса жой керак. Шу мақсадда сайёр қабулга қилган мурожаати тегишли мутасаддилар олдига қўйилди, цех учун ер ажратиладиган бўлди.
Тадбиркорлик фаолиятини бошлашда қийналиб юрган Илҳом Асроқулов, Муҳаммадали Саидов каби фуқароларга ҳам ўз ҳудудидаги бўш турган бинолар чеварчилик учун тақдим қилинди. Урганжи маҳалласида оиласи билан каталакдек жойда яшаётган Саёҳат Юнусова ҳам қўшимча тураржой қуриш учун икки сотих ер ажратилганидан беҳад хурсанд бўлди.
Оммавий сайёр қабул давомида Ички ишлар вазирлиги томонидан миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шахсий таркиб, тергов масалаларига оид юзлаб мурожаатлар кўрилди. Хусусан, Наманган вилоятида доимий рўйхатда турувчи, фуқаролиги бўлмаган 43 кишига Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари асосида шу ернинг ўзида фуқаролик паспорти берилди.
– Яқинда 50 ёшга тўламан, аммо, ҳалигача паспортим йўқ эди, – дейди Чуст тумани Шербилак қишлоғидан келган Нуржамол Мусаева. – Қирғизистондан келин бўлиб тушганман. Ўтган йиллар давомида маҳалла фуқаролар йиғинидан туман ҳокимлигигача, туман ИИБнинг паспорт бўлинмасига бир неча маротаба мурожаат қилишимга қарамай ижобий натижа бўлмаган эди. Мана бугун мен ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлишдек бахтга эришдим. Албатта, оила аъзоларимиз ҳам эшитиб, хурсанд бўлди.
Эътиборлиси, сайёр қабулда ҳудудлар инфратузилмасидаги бир қатор муаммолар бартараф этилди. Хусусан, Чуст ва Тўрақўрғон туманларидаги 1200 метр йўл асфальт қилинди, 1700 метр йўл шағаллаштирилди. Тўрақўрғондаги битта кўп қаватли уйда 140 миллион сўмлик 1 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишлари бошланди.
Иккита кўп қаватли уйда эса 650 миллион сўмлик оқава тозалаш ва ичимлик сув тармоқлари тортилди. Чустдаги бешта фермер хўжалигига қарашли ерларни суғориш учун 700 метрлик ариқ зовурлари тозаланди. Поп туманидаги 73-сонли, Чуст туманидаги 10-сонли умумтаълим мактаблари 2022 йилдаги инвестиция дастурига киритилди.
Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак. Уч кун давом этган оммавий сайёр қабуллар шуни кўрсатдики, Республика ва вилоят даражасидаги раҳбарлар аҳоли орасида юрсагина унинг дардини теранроқ ҳис этади. Муаммолар жойида ўз вақтида ҳал қилинади. Давлат идораларига мурожаатлар камаяди, фуқароларнинг ортиқча овогарчиликларига барҳам берилади.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |