Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов раҳбарлигидаги Республика Ишчи гуруҳи ҳамда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида туман, шаҳар ҳокимлари Булоқбоши туманида сайёр қабул ўтказди.
Ўтказилган сайёр қабул ва аҳоли вакиллари билан мулоқотлар одамларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, фуқароларнинг давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Турли даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг аҳоли вакиллари билан мулоқотлари одамларнинг орзу-истаклари, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларга имкон қадар кўмак бериш, мавжуд муаммоларга ўз жойида ечим топиш имконини бермоқда. Буни йигирмадан зиёд вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика Ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Булоқбоши туманида ўтказилган сайёр қабул мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Жалақудуқ, Марҳамат ва Булоқбоши туманларда яшовчи аҳоли вакиллари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари эшитилди.
Электр энергияси, ичимлик сув таъминоти, саломатликни тиклаш, нафақа, ноқонуний қурилиш, кредит олиш ва бошқа қатор масалалар билан боғлиқ мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
– Маҳалламиз аҳолиси ичимлик сув таъминоти масаласида бир неча йиллардан буён қийналиб келади, – дейди Булоқбоши туманидаги Зарғолдоқ маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Одинахон Солиева. – Сайёр қабулда ушбу муаммони бартараф этишга кўмаклашишни сўраб, мурожаат қилдик. “Андижон вилояти сув таъминоти” МЧЖ раҳбарияти томонидан муаммони бартараф этиш чоралари кўрилди. Мутахассислар бугунданоқ маҳаллада сув таъминотини яхшилаш бўйича иш бошлади.
Булоқбоши тумани Сарбонтепа маҳалласи, Юксалиш кўчасида яшовчи фуқаро Абдухалил Сарболаев маҳалла ҳудудидаги умумий узунлиги 1 километр масофани ташкил этувчи ички йўлнинг 500 метри таъмирланганлиги, лекин қолган таъмирталаб қисми бир йилдан буён қандай бўлса, шундай ҳолатда турганлигини айтиб, йўлнинг қолган қисмини таъмирлашга ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилди.
Ушбу масала Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси томонидан ижобий ҳал этиладиган бўлди.
– Кўриш қобилиятим жуда пасайиб кетган, ўзим мустақил юра олмайман, – дейди Асака тумани, Файзобод маҳалласида яшовчи Мавлонбек Хайитов. – Шифокорлар операция қилиш кераклигини айтишди. Операция баҳоси 9 миллион сўмга яқин экан. Бунча пул тўлаш имконим йўқ, оиламнинг шароити оғир. Шу масалада ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилдим.
Мурожаат қилган фуқаро вилоят кўз касалликлари шифохонасида текширувдан ўтказилиб, даволанадиган бўлди. Унинг мурожаати ижросини соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз назоратига олди.
Сайёр қабул давомида юқоридаги каби юзлаб мурожаатлар жойида ўз ечимини топди. Маълум вақт ҳамда атрофлича ўрганишни талаб этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар, мурожаат қилувчиларга зарур тушунча ва тавсиялар берилди, ижроси назоратга олинди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |